Латип Ахмаджанов
У 1999 йилдан «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси сифатида уюшма томонидан уюштириладиган барча тадбирларда фаол иштирок этиш билан бирга миллий атлас, адрас тўқиш сохасини ёш авлодга ўргатишда фидойилик қилиб келмоқда.
Хар йили ўз атрофига миллий атлас тўқишга қизиққан ёшларни бирлаштириб ўзига хос мактабини шакиллантирган.  Ўтган йилларда у 20 нафардан ортиқ ёшларни атлас тўқиш ҳунарига ўтгатишга эришди.
Л.Ахмаджанов томонидан яратилган атлас, адрас наъмунасида миллийлик сақланганлиги яққол кўриниб туради.  Айниқса у томонидан тайёрланган «Балдоқ», «Анор», «Тумор» каби адрас матоларида ишлатилган нақшлар қадимий миллий услубда яратилган матоларни такрорлайди.
Миллий атлас, адрас тўқиш санъатининг ўзига хос бўлган барча услубларини ишлатишга харакат қилади.
У томонидан унитилиб кетаётган миллий матоларни табиий рангларда бўяшни қайта тиклаш билан бирга наққошликда ишлатиладиган табиий гуллар ва геометрик шакиллар ишлатишга эришган. 
Шунингдек у табиий рангларни ишлатиш учун ёнғоқ пўсти, қизил ловлаги ва  пиёздан фойдаланишни ўзлаштирган. Матоларга миллий нақшларни ишлатган холда «Анор», «Тумор» «Шохбарг», «Гажжак», «Нодира», «Бодомча»,  каби наъмуналарини яратган.